NUR
Ҳакамлар 18
1Бу воқеалар содир бўлган даврда Исроилда шоҳ йўқ эди. Дан қабиласи Исроил қабилалари орасида ўзига улуш бўлиб тушган ерни ҳануз қўлга киритмагани сабабли истиқомат қилиш учун жой қидириб юрган эди.
2Бир куни улар ўз қабиласининг жамики уруғлари орасидан бешта жангчини танлаб: “Боринглар, юртни синчиклаб текшириб чиқинглар”, — дея уларни Зорох ва Эштойўл шаҳарларидан жўнатиб юбордилар. Бу одамлар йўл юриб Эфрайим қирларидаги Михонинг уйига келиб қолишди ва тунни ўша ерда ўтказишди.
3Улар Михонинг уйида бўлганларида ёш левини шевасидан таниб қолишди–да, унинг олдига бориб: — Бу ерга қандай қилиб келиб қолдинг? Бу ерда нима қилиб юрибсан? — деб сўрашди.