NUR
Эзра 3
1Исроил халқи ўз шаҳарларига ўрнашиб олганлардан кейин, еттинчи ойда ҳаммаси Қуддусда йиғилишди.
2Ёҳузадах ўғли Ёшуа, унинг руҳоний ҳамкорлари ва Шалтиёл ўғли Зарубабел уруғ–аймоғи билан биргаликда Исроил халқининг Худосига аталган қурбонгоҳни қайтадан қурдилар. Уларнинг мақсади: Худонинг одами — Мусонинг Тавротида ёзилган амрларга мувофиқ, қурбонгоҳда куйдириладиган қурбонликларни келтириш эди.
3Улар маҳаллий халқлардан қўрқардилар, аммо шунга қарамай, қурбонгоҳни олдинги пойдевори устига қурдилар. Қурбонгоҳнинг устида ҳар куни эрталаб ва кечқурун Эгамизга қурбонликларни куйдириб назр қилдилар.