NUR
Эзра 10
1Эзра Худонинг уйи олдида ўзини ерга отиб йиғлаганича, гуноҳларни эътироф этди. У Худога илтижо қилаётганда, атрофига Исроилдан катта жамоа — эркагу аёл, болалар йиғилишди. Халқ ҳам аччиқ–аччиқ йиғларди.
2Элам наслидан Ёхиёл ўғли Шаханиё Эзрага шундай дея мурожаат қилди: “Биз маҳаллий халқларнинг бутпараст аёлларига уйланиб, Худойимизга бевафолик қилдик. Лекин шунга қарамай, биз, Исроил халқи учун ҳали ҳам умид бор!
3Келинг, Худойимиз билан аҳд қилайлик. Ҳазратим, сизнинг маслаҳатингизга кўра ва Худойимизнинг сўзларидан қўрқадиганларнинг маслаҳатига кўра, барча бутпараст хотинларни болалари билан бирга қўйиб юборайлик. Таврот қонунига амал қилайлик.