NUR
Закариё 1
1Шоҳ Доро ҳукмронлигининг иккинчи йили, саккизинчи ойида, Йиддонинг набираси — Бархиёнинг ўғли пайғамбар Закариёга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди.
2Эгамиз унга қуйидаги хабарни халққа етказишни буюрди: Эгамиз ота–боболарингиздан қаттиқ ғазабланган эди. Энди Сарвари Олам шундай айтмоқда: — Менга қайтинглар, — демоқда Сарвари Олам. — Шунда Мен ҳам сизларга қайтаман, — дейди Сарвари Олам.
3Ота–боболарингизга ўхшаган бўлманглар. Олдинги пайғамбарлар Сарвари Олам номидан уларни шундай деб огоҳлантиришган: — Ёмон йўлдан ва қабиҳ қилмишларингиздан қайтинглар. Сарвари Олам шундай демоқда: — Гарчи Мен ота–боболарингизни огоҳлантирган бўлсам–да, улар Менинг сўзларимга эътибор бермадилар, Менга қулоқ солмадилар.